Финляндияда 40 йил ичида биринчи марта янги атом электр станцияси ишга туширилди

Бугун, 21-декабр куни Финляндиянинг ғарбий қисмида сўнгги 40 йил ичида биринчи марта “Олкилуото” атом электр станциясининг учинчи энергетик реактори ишга туширилди.

Бу ҳақда “Teollisuuden Voima” станцияси эгаси баёнотида маълум қилинган.

1600 МВт қувватга эга янги реактор 2022-йил январ ойи охирида миллий тармоққа уланганда электр энергияси ишлаб чиқариш бошланади.

Олкилуото АЭС Ғарбий Финляндияда, Болтиқ денгизининг Ботния кўрфази соҳилида жойлашган. Заводда аллақачон иккита ишлайдиган реактор мавжуд бўлиб, улар мамлакат энергия истеъмолининг 16% ни ишлаб чиқаради.

Учинчи реакторнинг қурилиши 2005 йилда бошланган. У 2009-йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган эди, бироқ бир қатор техник ва молиявий муаммолар туфайли муддат бир неча бор қолдирилди.

Лойиҳа қиймати 3 миллиард евродан 9 миллиард еврога ошган. Янги қувват блоки электр энергиясининг тахминан 14 фоизини ишлаб чиқариши тахмин қилинмоқда.

Финляндиянинг жанубий қирғоғида 1978 ва 1980 йилларда ишга туширилган иккита 507 МВт қувватга эга яна бир атом электр станцияси “Ловииса” мавжуд. Бу мамлакатдаги барча электр энергиясининг 10% дан ортиғини ташкил қилади.