Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миллий авиаташувчини оʻзгартириш ва ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган стратегия ҳақида маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев 14-декабр куни “Ўзбекистон ҳаво йуллари” акциядорлик жамиятини ўзгартириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Давлатимиз раҳбарининг 2021-йил 30-апрелдаги қарорида фуқаро авиацияси корхоналарини ўзгартириш бўйича вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, Ўзбекистон ҳаво йуллари тизимини ислоҳ қилиш мақсадида Турк Ҳаво Йўллари МАК собиқ раиси туркиялик мутахассис Илкер Айжи жамоаси билан ҳамкорлик йулга қўйилган.
Ўзбекистонни географик жойлашуви ва авиация инфратузилмасидан самарали фойдаланган ҳолда халқаро транспорт хабига айлантириш режалаштирилган.
Тақдимот чоғида давлат раҳбарига миллий авиаташувчини ўзгартириш ва ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган стратегия ҳақида маълумот берилди.
Унга мувофиқ авиакомпанияда халқаро тажрибага асосланган корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, ҳаво кемалари паркини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва юк ташиш тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилади. Жаҳон стандартлари асосида хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда авиакомпанияни хусусийлаштириш якунланади.
Бундан кўзланган асосий мақсад – “Ўзбекистон ҳаво йуллари”ни етакчи минтақавий авиакомпанияга айлантириш, шунингдек, ички ва халқаро йуналишларда аҳолига қулай парвозларни таъминлаш. Президентимиз бу режаларни маъқуллаб, уларни тезроқ амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
“Биз бу соҳада ўн йил кечикдик. Авиакомпания эскича ишлайди, йуловчилар хизмат кўрсатиш сифатидан норози. Иқтисодиётимизни, туризмимизни ривожлантирмоқчи бўлсак, бу бизнинг ягона йулимиз”, — деди Шавкат Мирзиёев.